
Ёшларнинг давлат бошқарувига интилиши ва жамоавий куч
Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятида, хусусан, Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар жараёнининг энг фаол, шиддатли ва етакчи кучи — ёшлардир. Замонавий дунё давлат бошқарувида нафақат бой тажриба, балки юқори технологик билим, креатив ёндашув ва тезкор қарорлар қабул қилиш кўникмасини талаб этмоқда. Хўш, янги авлод бошқарув тизимини янгилашга тайёрми? Нега ёш кадрлар тизимга якка тартибда эмас, айнан жамоа бўлиб кириши керак?
Ёшларнинг стратегик жамоалар шаклида ҳукумат идораларига кириб бориши ва бошқарув аппаратини ислоҳ қилишга интилиши — давр тақозоси, табиий ҳамда зарурий жараёндир.
Бугунги ёш авлод сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишдан, давлат бошқаруви тизимида ўз сўзини айтишдан ва сиёсий ҳаракатларга бирлашишдан қўрқмасликлари лозим. Айниқса, талаба-ёшлар ҳозирданоқ олдиларига катта мақсадларни қўйиб, олий таълим муассасасини битирмасдан туриб профессионал ўсиш ҳаракатини бошлашлари шарт. Кучга тўлган ва ҳозиржавоб ёшларимиз вақтларини беҳуда ўтказмасдан, вазирлик ва идораларда фаолият юритиш учун зарурий билим ва малакаларни эгаллашлари, шунингдек, профессионал мулоқот муҳитини (нетwоркинг) ҳозирданоқ шакллантириб боришлари айни муддаодир. Агар ёшлар бугун бирлашиб, ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаоллик кўрсатмасалар, давлат бошқаруви аппарати яна эски қолипда қолиб кетиши, тизимда непотизм ва эскича қарашлар давом этиши тайин. Порлоқ келажак учун ҳозирдан ҳаракат қилмоқ лозим. Ҳеч ким хатолардан холи эмас, асосийси — хатолардан тўғри хулоса чиқариб, дадил қадамлар ташлашдир.
Жўшқинлик ортидаги масъулият: Келажакни кимга ишонамиз?
Ёшлик даври ҳорғинликни билмаслик, қайнаётган жўшқин энергия ва ижтимоий ҳаётнинг турли қувноқ жабҳаларида фаол бўлиш палласи, албатта. Бироқ ёшлар бундай мароқли дамлар ортида тобора яқинлашиб келаётган профессионал карерани, келажакда бошқарув ва тизимнинг ҳақиқий эгаларига айланиш масъулиятини асло кўздан қочирмасликлари керак. Зеро, бугун ўз вақтида ҳаракат қилинмаса, бугунги қийинчилик ва камчиликларни орадан 20–25 йил ўтиб кейинги авлод ҳам ўз ҳаётида синаб кўришига тўғри келади. Ҳеч нарса қилмай шунчаки кутгандан кўра, ҳаракат қилиб кўриш ва муваффақиятга шахсий тажрибалар орқали эришиш мумкинлиги тарихдан кўп бор исботланган ҳақиқатдир.
Ёшлар ўзаро тизим ва давлат бошқаруви масалаларини фаол муҳокама қилишлари шарт. Тизимдаги камчиликлар, йўл қўйилаётган хатолар ва коррупциявий ҳолатларга дуч келганда, муросасиз бўлиш, баҳслашиш ва ўз ҳуқуқларини талаб қилиш — соғлом жамият учун оддий ҳол бўлиши лозим. Бундай баҳсларда ёшлар фақат танқид қилиш билан чекланмай, муаммоларни бартараф этиш бўйича ўз ечим ва ғояларини ўзаро муҳокама қилишлари керак. Бугунги ёш авлод: «Агар мен президент, вазир ёки ҳоким бўлсам, бу муаммони қандай ҳал қилардим?» деган саволни ўртага ташлаб, аниқ стратегик режалар устида очиқ мулоқотлар ташкил этиши, ўз салоҳиятини ҳозирданоқ чархлаб бориши лозим.
Хўш, нега бугун ёшларимиз «Мен келажакда давлат раҳбари, ҳоким ёки вазир бўламан!» деган буюк мақсадларни олдига қўйиб, ўзининг фаол ҳаракатини ҳозирданоқ дўстлари даврасида, ўқув даргоҳларидаги тадбирларда, оиласи ва ўзи туғилиб ўсган маҳаллада бошламаслиги керак? Ахир бугун имкониятлар эшиги очиқ-ку! Сайловларда депутатликка номзодингизни қўйинг, ташаббускорлигингиз ва халқчил ғояларингиз билан эл-юрт меҳрини қозонинг. Фидокорона меҳнат ва қатъий ҳаракат бўлса, халқ ҳам сизни албатта қўллаб-қувватлайди ва юксалтиради.
Нега айнан «Бирлашиш»?
Эски даврлардаги «ёлғиз курашчи» концепцияси бугунги кунги мураккаб давлат аппаратида ўзини оқламаяпти. Ҳукумат идораларига кириб келадиган замонавий ёшлар буни яхши англашади. Улар тизимга якка тартибда эмас, балки бир хил дунёқарашга, замонавий қадриятларга ва муштарак мақсадларга эга бўлган яхлит жамоалар (нетwорк) сифатида кириб боришни афзал кўришлари лозим.
Бирлашган ёш кадрлар гуруҳининг асосий кучи шундаки, улар турли вазирлик ва идораларда ўзаро самарали алоқа тизимини осон ўрната оладилар. Бу эса йиллар давомида давлат тизимини секинлаштириб келган бюрократия (қоғозбозлик) ва идоралараро тўсиқларни бартараф этишда энг самарали воситага айланиши муқаррар.
Ёш кадрлар ҳаракатчан ва тез ўрганувчандир. Улар эскирган расмиятчилик усулларини замонавий ва самарали бошқарув моделларига осон алмашиб, тизимни ривожлантириб боришади. Эскича фикрлайдиган раҳбарлар эса кўпинча «комфорт зона»га мослашиб қолгани сабабли тараққиёт босқичларига билвосита тўсиқ бўладилар. Зеро, шиддат билан ривожланаётган жаҳон иқтисодиёти талабларига эскирган услублар билан жавоб бериб бўлмайди.
Тўсиқлар ва чақириқлар: Стереотипларни синдириш вақти келди
Албатта, бу жараён қийинчиликлардан холи эмас. Давлат идораларига кириб келаётган ёш куч кўпинча муайян тўсиқларга дуч келади. Эски услубда ишлашга ўрганган айрим юқори бўғин раҳбарлари ёшларнинг дадил лойиҳаларига эҳтиёткорлик билан қарайдилар. Жамиятда ҳамон «ёш бўлса, тажрибасиз бўлади» деган асоссиз стереотип мавжуд.
Бироқ демократик тамойиллар ва очиқ мулоқот муҳити шаклланган тизимда ёшлар ўз сўзи ва амалий иши билан намуна бўла оладилар. Демократик жамиятнинг устунлиги шундаки, у эркин сайловлар тамойилига таянади. Агар қайсидир раҳбар юкланган вазифани бажара олмаса ёки унинг ваколат муддати якунланса, шаффоф механизмлар орқали бошқарув аппарати доимий равишда янгиланиб борилаверади.
Хулоса ўрнида
Ёшларнинг бирлашиб, давлат бошқарувига интилиши — бу шунчаки ўткинчи тенденция эмас, балки жамият тараққиётининг қонуний босқичидир. Бугун бошқарув тизимига кириб келаётган интеллектуал ёшлар жамоаси эртанги куннинг стратегик қарорларини қабул қилувчи етакчиларидир. Давлат аппаратининг замонавийлашиши ва халқчил бўлиши айнан мана шу янги авлоднинг фаоллиги ҳамда бирлигига боғлиқ.
Ўзбек Ташаббуслари Маркази
маъмурияти
