Санъаткор миллатнинг кўзгуси, жамиятнинг виждонидир. У ўз ижоди, яратган образлари ва ҳаётий қарашлари билан халқ онгини шакллантиради, ёшларга йўл кўрсатади. Бироқ баъзан реал ҳаётдаги воқеликлар экрандаги буюк қаҳрамонлар соясида қолиб кетаётгандек таассурот уйғотади.
Яқинда Давлат раҳбари иштирокида маданият ва санъат намояндалари билан ўтказилган учрашув ижтимоий тармоқларда ва жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айниқса, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг ушбу тадбирдаги чиқиши турлича муносабатларни келтириб чиқарди. Афсуски, бугун халқимиз зиёлиларининг аксарияти ушбу чиқишни чуқур қайғу ва кинояли табассум билан қарши олганини яшириб ўтирмаяпти.
Экрандан ҳаётга кўчган мардлик
Ўз вақтида китоб саҳифаларини варақлаб эмас, балки экрандаги жонли ижродан таъсирланиб, фарзандларига «Асадбек» деб исм қўйган қанчадан-қанча юртдошларимиз бор. «Шайтанат» сериали орқали халқ қалбидан чуқур жой олган ушбу қаҳрамон миллионлаб инсонлар учун қатъият, мағрурлик ва ўз сўзида туришнинг тимсолига айланган эди. Томошабин учун Асадбек шунчаки персонаж эмас, балки адолат ва эркаклик ғурурининг олий намунаси эди.
Бироқ бугун ўша қаҳрамонни жонлантирган устоз санъаткорнинг реал ҳаётдаги позицияси кўплаб мухлисларни чуқур ўйга солмоқда. Бугун у яратган қаҳрамон ҳамон халқ ардоғида, бироқ Ёдгор Саъдиевнинг шахсан ўзидан кўнгиллар қолаётгани ҳам аччиқ бўлса-да, айни ҳақиқатдир.
«Этак очиб ўтириш» фалсафаси ва хушомад гўзаллиги
Учрашувда намоён бўлган ҳаддан ташқари хушомад ва садоқат намойиши беихтиёр фильмдаги унутилмас бир саҳнани ёдга солади. Асадбек ўз куёви Элчинга эркакча дакки бериб, унга ҳаёт мактабидан сабоқ берганида шундай деган эди:
«Сен кучли бўлишинг керак, сен энг зўри бўлишинг лозим! Шералию Ғуломлар сенинг олдингда „амма-холаси ҳаводор“ дея этак очиб ўтирсин…»
Афсуски, Ёдгор Саъдиевнинг кейинги йилларда ҳаётда кўрсатаётган хатти-ҳаракатлари ва расмий доиралардаги чиқишлари Асадбекка ҳавас қилган, унингдек мағрур ва тик яшашни истаган бек йигитларнинг ғурурига тегмоқда. Кинодаги ўша ўткир сўзлар ва фалсафа амалда бутунлай тескари тус олаётгандек гўё.
Қадди букилган кумир
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: элнинг суюклиси, кўпчиликнинг кумирига айланган севимли санъаткоримизнинг қадди ва обрўйи нега букилди? Бу кексалик асоратими ёки давр ўзгаришларининг тазйиқими? Назаримизда, у кўчада юрганида дўсти Жалилнинг айтган ўша машҳур жумлаларини унутиб қўйгандек: «Асадбекдек юр, кўтар қаддингни!»
Ҳурматли Ёдгор ака! Сиз ўзбек санъатида чинакам мактаб яратган, элнинг суюкли фарзандига айланган шахссиз. Сизнинг йиллар давомида тўплаган обрўйингиз, ижодий меросингиз ҳар қандай ўткинчи сиёсий нуфуздан баланд туриши ва тарихда ўчмас из қолдириши керак эди. Халқ сизни эгилган қоматда эмас, ҳамон ўша мағрур сиймода кўришни истайди.
Унвонлар, мукофотлар ва амаллар ўткинчидир, аммо халқнинг муҳаббати ва ҳурмати мангу.
Кўз ёш тўкманг, Ёдгор ака. Муҳожирликда, оиласидан, фарзандларидан узоқда нон топай деб юрган миллионлаб эр йигитларимиз, аёлларимиз тўкаётган кўз ёшлар халқимизга етиб ортади. Эзилган юракларга малҳам бўлган Асадбекка кўз ёшлар ярашмайди. Қаддингизни кўтаринг, устоз! Кўчада ҳам, ҳаётда ҳам ҳамон ўша Асадбекдек юринг, асло эгилманг!
Ўзбек Ташаббуслари Маркази
маъмурияти
