Бугун мамлакатимизда Хотира ва Қадрлаш куни нишонланар экан, биз бугунги жонли ёйинимизда халқимиз тарихидаги икки муҳим ва оғриқли масалани кўриб чиқишни ҳамда ўз фикрларимизни билдиришни мақсад қилганмиз. Суҳбатимиз марказида — аслида бизга бевосита алоқаси бўлмаган, бироқ минглаб бобо ва бувиларимиз, ота-оналаримизнинг қони тўкилган Иккинчи жаҳон уруши ҳамда 2005-йил 13-майда Андижонда содир бўлган фожиали қирғин воқеалари туради.
Дастлаб фашистлар Германиясига қарши олиб борилган урушнинг сабаблари, унга кўрилган тайёргарлик ҳамда она ватанимиз Ўзбекистоннинг ғалабадаги беқиёс ўрни ҳақида тўхталамиз. Бу тарихни ўрганиш биз учун шунчаки ўтмишни эслаш эмас, балки фронтда оталаримиз тўккан қонни, фронт ортида оналаримиз ва ёш болалар чеккан мислсиз заҳматни ёдга олишдир.
Маълумки, Совет Иттифоқи урушга деярли тайёргарликсиз кирган. Кейинчалик мамлакат шарқида йирик ҳарбий заводлар қурилди, Т-34 танклари ва Як-1 қирувчи самолётлари каби замонавий қуроллар яратилди. Бироқ тайёргарлик жараёнида кечирилмас стратегик хатоларга йўл қўйилди. Хусусан, Сталиннинг разведка маълумотларини инобатга олмагани ва 1937–1938-йиллардаги машъум қатоғонлар натижасида армиянинг энг тажрибали қўмондонлари йўқ қилингани урушнинг дастлабки ойларида совет қўшинларининг улкан йўқотишлар беришига сабаб бўлди.
Шуни очиқ тан олишимиз керакки, ўша давр олий раҳбариятининг хатолари ва масъулиятсизлиги оқибатида минглаб оталаримиз қурол-яроғсиз, етарли тайёргарликсиз фронтнинг энг қайноқ нуқталарига ташланди. Аслида бу бизнинг урушимиз эмас эди, бироқ тақдир довюрак боболаримизни ушбу қонли қирғинда «жонли девор» бўлишга мажбур қилди. Шу боис, биз бу санани шунчаки ғалаба байрами эмас, балки миллатимиз чекига тушган улкан йўқотишлар куни — Хотира ва қадрлаш куни сифатида ёд этишимиз, ўтганлар руҳи покига дуо ва тиловатлар қилишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.
Шундай оғир шароитда Ўзбекистон фронт ортидаги энг мустаҳкам стратегик база ва инсонийлик марказига айланди. Республикамиздан 1,4 миллиондан зиёд юртдошимиз бевосита жангга отланди. Улар орасида Собир Раҳимов каби мард генераллар, Мамадали Топиволдиев каби жасур партизан боболаримизни ҳар доим ёд этишимиз шарт. Шу билан бирга, Ўзбекистон улкан саноат ва гуманитар марказ вазифасини ўтади. Уруш ҳудудларидан 100 дан ортиқ йирик заводлар юртимизга кўчирилди ва қисқа фурсатда ишга туширилди.
Энг муҳими, ўзбек халқи ўзининг азалий олижаноблиги билан 100 минглаб қочқинни, жумладан, 200 мингдан ортиқ етим болаларни ўз бағрига олди. Бир бурда нонини етим болалар билан баҳам кўрган Шомаҳмудовлар оиласининг жасорати — халқимиз бағрикенглигининг бутун дунё тан олган абадий тимсолидир. Бизнинг бурчимиз — бу қонли тарих сабоқларини унутмаслик ва аждодларимиз чеккан азоб-уқубатлар хотирасини кўз қорачиғидек асрашдир.
Энди 2005-йилнинг 13-май куни Андижонда содир бўлган қонли воқеалар хусусида тўхталиб ўтсак. Бу воқеалар Ўзбекистоннинг янги тарихидаги энг мураккаб ва фожиали нуқталардан бири ҳисобланади.
Бу фожиа бир кунда пайдо бўлмаган, балки узоқ вақт давомида тўпланиб қолган ижтимоий-иқтисодий зиддиятларнинг портлаши эди. Воқеаларнинг асосий сабаби сифатида маҳаллий тадбиркорларнинг «Акромийлар» диний оқимига мансубликда айбланиб, қамоққа олиниши кўрилади. Уларнинг яқинлари суд жараёнларини адолатсиз деб ҳисоблаб, Андижон шаҳрида тинч намойишларни бошладилар. 12-майдан 13-майга ўтар кечаси вазият кескинлашиб, тадбиркорларнинг яқинлари қамоқхонадаги маҳбусларни озод қилишди. Шундан сўнг вилоят ҳокимияти биноси эгалланиб, шаҳар марказидаги Бобур майдонида минглаб одамлар йиғилди. Намойишчилар нафақат маҳбусларни озод қилишни, балки иқтисодий аҳволни яхшилаш ва адолат ўрнатишни талаб қилдилар.
Ҳукумат бу ҳаракатларни давлат тўнтаришига уриниш ва террорчилик хуружи сифатида баҳолади. 13-май куни кечқурун шаҳарга ҳарбий бўлинмалар ва оғир техника киритилди. Намойишчиларни тарқатиш учун куч ишлатилди ва натижада кўплаб инсонлар қурбон бўлди.
Расмий маълумотларда 187 киши ҳалок бўлгани айтилса-да, халқаро ташкилотлар ва мустақил манбалар қурбонлар сони анча кўплигини таъкидлайди. Ушбу воқеа мамлакат ичида қўрқув ва қаттиқ назорат муҳитини вужудга келтирди.
Андижон воқеалари Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатини бутунлай ўзгартириб юборди. Халқаро ҳамжамият мустақил текширув талаб қилди, ҳукумат эса буни рад этди. Натижада Ғарб давлатлари санкциялар жорий қилди, мамлакат эса жавоб тариқасида АҚШ ҳарбий базасини чиқартириб юборди. Ташқи сиёсатда кескин бурилиш юз бериб, Ўзбекистон Россия ва Хитой билан стратегик яқинлашув йўлига ўтди. Ички сиёсатда эса фуқаролик жамияти ва ОАВ устидан назорат ўта кучайтирилди.
Мана 20 йилдирки, ушбу воқеалар тафсилотлари тўлиқ очиқланмади, жавобгар шахслар қонун олдида жавоб бермади. Минглаб андижонликлар ушбу қирғин туфайли дунё бўйлаб сарсон-саргардон бўлди, қувғин қилинди ва қамоқларга ташланди. Биз нобуд бўлган тинч намойишчиларни, аёллар ва болаларни унутмаслигимиз керак. Ўша вақтдаги раҳбарларнинг, хусусан, Ислом Каримовнинг бевосита буйруғи билан ҳаракат қилган масъул шахсларнинг қилмишларини тарих ва халқ эсида тутиши, ҳалок бўлганларни муносиб хотирлаши зарур деб ҳисоблаймиз.
Ahmadjon
